"Худди жосуслик романларидаги каби". Парижда ўғирлаб кетилган ўзбек банкир ҳикояси

Анорбанк акцияларининг эгаси¸ кузатув кенгаши аъзоси Қаҳрамонжон Олимов.

3 июль куни Le Monde нашри Франция ҳудудида содир этилган одам ўғирлаш хроникаси ҳақида хабар берди. 23 июнь куни Парижда ўғирлаб кетилгани айтилган ўзбекистонлик 48 яшар Қаҳрамонжон Олимов француз нашрига ўзини 1 миллиард долларлик активни бошқараëтган Анорбанк эгаси деб таништирган.

Le Monde нинг ёзишича, ўзбек банкирининг жосуслик романларидаги сюжетга ўхшаш ҳикояси француз полицияси ва адлия тизимини ҳайратда қолдирган.

Корпоратив ҳужжатларга кўра¸ Олимов ҳозирда Ўзбекистонда банк¸ тўлов тизими¸ электр энергияси ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи 5 компания эгаси.

У шунчаки эмас¸ Ўзбекистон президенти томонидан мукофотланган банкир. 2023 йили Шавкат Мирзиëев уни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган.

Le Monde мақоласи тўлиғича Олимов айтиб берган ҳикояга асосланган. Унга кўра¸Олимов 21 июнь куни Истанбул орқали Парижга учиб келган. У Париж сафарини қаттиқ сир тутган ва бундан саноқли одам хабардор бўлган. Олимов ўз саëҳати нега бунча сир тутилгани¸ нима ëки кимлардан ҳадиксирагани сабабини изоҳламаган.

Парижда у 5 юлдузли Sofitel Arc-de-Triomphe меҳмонхонасида қолган. Энг оддий хонаси бир кечага 1000 доллар турадиган бу меҳмонхонани Олимов 9 кечага бронь қилган.

Олимов Парижга уй сотиб олиш ҳужжатларини расмийлаштириш¸ шунингдек EDF (Électricité de France) компанияси раҳбарлари билан учрашиш режасида келган.

Франциянинг йирик энергетика компанияси бўлган EDF Ўзбекистонда бир неча йирик лойиҳа бошлаган. Улардан бири Сурхондарëнинг Ангор туманида 1560 мегават қувватли электр станцияси қуриш. 2027 йили ишга туширилиши айтилаëтган бу лойиҳа қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар. Олимов французлар билан шу лойиҳа доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилмоқчи бўлган.

Аммо ўзининг ҳикоясига кўра, Олимовнинг бу режалари 22 июнь куни 25 яшар қиз билан танишганидан сўнг остин-устун бўлиб кетади.

Олимов Sofitel меҳмонхонаси барида ўзини Анастасия деб таништирган русийзабон қиз билан танишиб¸ унга телефонини беради. Қиз унга тунда учрашишни таклиф қилади. Эртасига Олимов Анастасия билан балиқ ресторанида тушлик қилиш учун учрашади.

Аммо ëш аëл билан Софител меҳмонхонаси олдида учрашганидан саноқли дақиқа ўтиб забардаст гавдали¸ қуюқ соқолли¸ қора кийимдаги нотаниш эркак унинг қўлини маҳкам ушлаб¸ кучли чечен акценти билан рус тилида "Биз билан юр¸ гаплашишимиз керак" дейди. Қаршилик кўрсатиш нари турсин¸ жавоб қилишга улгурмай туриб бошқа бир эркак уни бўйнидан бўғади¸ учинчиси эса оëғидан ушлайди. Сониялар ичида жаноб Олимов Мерседес микроавтобусига улоқтирилади. У телефонини йўлакда турган ëш аëлга отади ва "Полицияга телефон қил!" дейди. Аммо аëл телефон қилмайди.

(Le Monde газетасидан иқтибос)

Олимовни Мерседес микроавтобусида аввалига Париж ташқарисидаги виллага¸ сўнгра Франция жанубидаги Ницца шаҳрига олиб кетишади. Ницца Париждан қарийб 1000 км. масофада жойлашган.

Олимов ўзи билан тутқунликда гаплашган асосий одамни дарҳол таниганини айтади.

Уни машҳур “вор в законе” ¸ яъни “ўғрибоши” деб таърифлаган Олимов бу шахснинг кимлигини очиқламайди.

Бу шахс унга қайта-қайта¸ “Ниҳоят қўлга тушдингку! Мендан 10 миллион доллар қарзсан!”¸ деб бақиради.

Олимов уни Б.Р.нинг ишонган одами сифатида билади. Б.Р. Ўзбекистон ҳукуматидагиларнинг яқин шериги ва Олимовнинг йирик банклардан биридаги собиқ ҳамкори. Кейинги 10 йил давомида бу собиқ шериги Олимовни ҳокимият қаҳрига учраб¸ Туркияга вақтинча қочиб кетганидан фойдаланиб¸ шерикликдаги компания акцияларини тортиб олганликда айблаб келган.

(Le Monde газетасидан иқтибос)

Қаҳрамонжон Олимовнинг LinkedIn профили

2020 йил Анорбанкка асос солган Қаҳрамонжон Олимов¸ ўз Линкдин профилига кўра¸ ундан олдин фақат битта банкда ишлаган. Олимов 2011 йилдан Капиталбанк АЖ бошқарув кенгаши раиси бўлган. Капиталбанк расмий ҳужжатлари¸ Олимовнинг 2017-2018 йилларда ҳам Капиталбанк раҳбари бўлганини тасдиқлайди. Аммо Капиталбанкдаги узоқ йиллик бошқарув негадир Олимовнинг Анорбанкда тақдим этилган таржимаи ҳолида кўрсатилмаган.

Қаҳрамонжон Олимов нафақат Капиталбанк бошқарув кенгаши раиси¸ балки Капиталбанк акцияларига ҳам эгалик қилган. Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларга кўра¸ 2019 йил ҳолатига кўра Олимов Капиталбанкнинг 36 фоиздан ошиқ акцияларига эгалик қилган.

Олимов шунингдек, Капитал суғурта АЖнинг ҳам асосий ҳиссадорларидан бўлган. 2011 йили бу суғурта компаниясининг асосий пакет акцияларини Капиталбанк сотиб олган. 2023 йил май ойидаги корпоратив ҳужжатга кўра¸ Капитал суғуртанинг 88.24 фоиз акцияси Олимов номида бўлган.

2019 йил ҳолатида Қаҳрамонжон Олимов Капиталбанкда энг катта улушга эга жисмоний шахс бўлган.

2001 йили очилган Капиталбанк Каримов даврида энг йирик хусусий банклардан бири бўлган. Унинг асосий акционери қўқонлик Ботир Раҳимов эди. Раҳимов 2010 йили қатор иқтисодий жиноятларда айбланиши ортидан¸ Араб Амирликлари¸ сўнгра Туркияга қочиб кетган.

2014 йил 13 октябрида Чеченистон президенти матбуот хизмати Ботир Раҳимов Рамзан Қодировга Муҳаммад пайғамбарнинг икки косаси ва бир мўйини совға қилганини ëзган.

Сургундалиги даврида Грознийга бориб¸ Чеченистон президенти Рамзан Қодировга мусулмонлар учун муқаддас саналган совға тақдим қилган.

2016 йили Ботир Раҳимов Диора Усмоновага уйланган.

Корпоратив ҳужжатлар Ботир Раҳимов Ўзбекистондан қочиб кетганидан сўнг Капиталбанк акциялари қўлма-қўл бўлганини кўрсатади.

2010 йилдан буён Капиталбанк акциялари Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсунов, миллиардер Алишер Усмонов¸ сўнгра уларга алоқадор шахс ва оффшор компанияларига ўтган.

Ботир Раҳимов Тошкентга қайтганидан кўп ўтмай Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсунов даврасида кўринган.

Манбаларга кӯра, сӯнгги вақтлар Раҳимов Отабек Умаров билан яқинлашган ва унинг ёрдами билан шу йил февраль ойида Ӯзбекистон теннис федерацияси раиси бўлди.

2025 йил 17 февраль куни Ботир Раҳимов Ўзбекистон Теннис федерацияси раиси этиб тайинланди.

Озодлик манбалари Ўзбекистонга Биринчи оиланинг куëви сифатида қайтган Ботир Раҳимов Каримов даврида йўқотган бизнеслари¸ хусусан¸ Капиталбанк ва Ўзбекистон меҳмонхонасини қайтариб олишни бошлаганини билдирган.

Франциядаги икки кунлик тутқунликда калтаклангани¸ қатл этиш билан таҳдид этилгани¸ ярим яланғоч видеотасвирга олинганини айтган Қаҳрамонжон Олимов¸ ўзини ўғирлаганлар "ўтмишдаги сотқинлик учун ундан 10 миллион доллар товон пули” талаб қилганини айтади.

5 миллион доллар қарзим бор¸ деган қоғозга қўл қўйган Олимов Тошкентдаги ўртакашга 200 минг доллар нақд пул етказиб бергани ортидан қўйиб юборилган.

Ницца-Париж поездидан туша солиб у ҳодиса ҳақида француз полициясига хабар берган. Унинг кўрсатмаси асосида француз расмийлари туркиялик шахсни “одам ўғирлашни уюштириш” айби билан қамоққа олган.

Олимов¸ ўзини ўғирлаганлар унинг шахсий ҳаëти¸ хусусан¸ пулларнинг қаерга ëтқизилгани ҳақида батафсил маълумотга эгалигини айтган.

Бу воқеадан сўнг Тошкентга қайтган Қаҳрамонжон Олимов ўз шахсий хавфсизлигини кучайтириш тадбирини олган.

Уни ўғирлаб кетганлардан бири бўлган воқеаларнинг бари “ҳазил” бўлганини айтган.

Ўзбекистондаги 10 та йирик банкдан бири саналган Анорбанк эгасининг Франция ҳудудида ўғирлаб кетилгани юзасидан ҳозирча расмий Тошкент бирон изоҳ бергани йўқ.

Бу ўғирликни уюштиргани иддао қилинган ўғрибоши, Le Monde томонидан “Ўзбекистон ҳокимиятидагиларга яқин шахс”нинг ишонган одами деб таърифлангани ҳам бу жимликни буза олмади.

Олимов раҳбари бўлган Анорбанк расмий баëнот чиқариб¸ “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида содир бўлган ҳодиса” банк фаолияти таъсир кўрсатмаганини билдирди. Баëнотда шунингдек¸ “ортиқча муҳокамалар ёки тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш расмий тергов жараёнига ҳам, жабрланувчининг шахсий ҳаётига бўлган ҳурматга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин”лиги таъкидланди.

Озодлик Анорбанк раҳбарининг Париж марказидан ўғирлаб кетилиши юзасидан Франция ва Ўзбекистон идораларидан ҳозирча расмий муносабат олишга муваффақ бўлмади. Анорбанк раҳбари Қаҳрамонжон Олимов билан ҳам ҳозирча боғланиш имкони бўлгани йўқ.

Норасмий маълумотга кўра¸ Олимовнинг ўғирлаб кетилганини тергов қилаëтган Франция сўрови билан Ўзбекистонда айрим шахслар сўроқ қилинган ва қўйиб юборилган.

Озодликка шахси очиқланмаслик шарти билан гапирган ҳукумат вакили¸ “жорий раҳбарият Ўзбекистон ҳукуматига қанчалик яқинлигидан қатъи назар¸ воқеа айбдорларини аниқлаш ва уларни жазога тортиш қарори”да эканини таъкидлади.